Ўзбекистон Германиянинг Hohenstein компанияси билан тўқимачилик маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг инвестицион жозибадорлигини ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларига чиқишини рағбатлантириш мақсадида Германиянинг “Hohenstein Laboratories GmbH & Co. KG” компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (Uztest) давлат муассасаси мутахассислари ҳам иштирок этдилар.
Учрашув давомида мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини сифат, хавфсизлик бўйича синовдан ўтказиш имкониятлари ҳамда ходимларнинг малакаси ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Меҳмонлар "Uztest" Енгил саноат маҳсулотларини синаш синов лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди.
“Hohenstein Laboratories GmbH & Co. KG” Германиянинг Бöннигҳеим шаҳрида жойлашган халқаро лаборатория ва тадқиқот маркази бўлиб, компания тўқимачилик маҳсулотларини синаш, сертификатлаш ҳамда илмий тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланади.
Шунингдек, у OEKO-TEX сертификатлаш тизимининг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Мазкур сертификат маҳсулотларнинг зарарли моддалардан холи ва экологик жиҳатдан хавфсиз эканлигини тасдиқлайди.