Ўзбекистон фатво маркази диний масалаларда ChatGPTдан фойдаланишдан огоҳлантирди
Фото: Unsplash / Jonathan Kemper
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази расмий баёнот билан чиқиб, фуқароларни диний масалаларда ChatGPT’га мурожаат қилишдан қайтарди.
Бундай баёнот беришга сабаб — марказга келиб тушган бир сўров бўлди. Унда чат-бот орқали диний тушунтиришлар олиш мумкинми, деган савол берилган. Жавобан, марказ мутахассислари бу амалиёт мумкин эмаслигини таъкидлашди.
«Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди», — дейилади баёнотда.
Фатво маркази таъкидлайди: динга оид тушунтиришлар фақатгина тан олинган уламолар ва ишончли манбалар орқали олиниши лозим, акс ҳолда ақийдада хато ва тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин.