Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ривожлантиришни сер Чакрабарти билан муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 октябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси сер Сума Чакрабарти билан учрашди.
Суҳбатда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича йўналишлар - маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини кучайтириш, ташқи савдони кенгайтириш ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳсулотларнинг хорижий бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда хориждаги Ўзбекистон элчихоналари билан ҳамкорликни фаоллаштириш орқали маҳаллий маҳсулотларни тарғиб қилиш ва хорижий компаниялар билан алоқаларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Молия билан боғлиқ бўлмаган қўллаб-қувватлаш чораларининг, жумладан, маслаҳат хизматлари, халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, сертификатлаш ва маркетинг фаолиятини кучайтиришнинг аҳамияти қайд этилди. Буларнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни нуқтайи назаридан ҳам муҳимлиги таъкидланди.
Сер Сума Чакрабарти амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади. Томонлар экспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва хориждаги савдо маслаҳатчилари билан ҳамкорликни кучайтириш йўналишида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.