Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракати ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2030 йилда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш белгиланди, жумладан:
4,2 млн нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши;
400 минг нафар ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши.
Қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди.
2025–2026-ўқув йилидан бошлаб:
ҳар йили илмий лойиҳалар танловида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этишга оид мавзулар эълон қилиб борилади;
олий таълим муассасалари талабалари томонидан Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракати ташкил этилади.
“Эколог олимлар ҳамжамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис этилади.
Ҳар йили талабалар ўртасида “Экология билимдони”, “Экологик маданият тарғиботчиси”, “Энг фаол эковолонтёр” ва “Йилнинг энг яхши экология ҳимоячиси” каби номинациялар ҳамда стартап лойиҳалар бўйича танловлар ташкил этилади.
Шунингдек, 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳит куни муносабати билан ҳар йили талабалар ўртасида долзарб экологик масалалар муҳокамасига бағишланган халқаро илмий-амалий форум ўтказилади.
Олий таълимдан кейинги таълимда экология соҳасидаги тадқиқотлар қабул квоталари 30 фоизга оширилади.
Экологик маданият ва экология муаммолари соҳасида хотин-қизлар учун ҳудудлар кесимида докторантура учун қўшимча квоталар ажратилади.