Ўзбекистон “Eco Expo Central Asia 2025” кўргазмасида келажак экотуризмини тақдим этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси 19-21 июнь кунлари Тошкентда ўтказилаётган "Eco Expo Central Asia 2025" халқаро кўргазмасида экотуризмга бағишланган стендни намойиш этмоқда.
187 квадрат метр майдонни эгаллаган экспозиция Ўзбекистон туризм стратегиясининг асосий йўналишларидан бирига айланиб бораётган экологик туризм соҳасида мамлакатимиз эришган ютуқларга бағишланган. Стенд барқарор ёндашув ва табиатга ҳурматни сайёҳлик жозибадорлиги ҳамда технологик тараққиёт билан қандай уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатиб бермоқда.
Экспозициянинг марказий қисми Ўзбекистон меъморчилигидан илҳом олинган гумбазсимон вертикал боғ тарзида безатилган. Ташриф буюрувчилар Чорвоқдан Нурота ва Угом-Чотқолгача бўлган машҳур экологик йўналишлар бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имкониятига эга. Интерактив панеллар яшил инновациялар билан таништирса, ўтов услубида безатилган майдон замонавий экологик туризмнинг асоси бўлган анъанавий барқарор турмуш тарзини акс эттиради. Йил давомида фаолият кўрсатадиган «Паркент» дам олиш масканининг макети туризм инфратузилмасини табиат билан уйғунликда ривожлантириш истиқболларини кўрсатиб беради.
Кўргазманинг барча кунлари давомида стендда экотуризм соҳасидаги мутахассислар иштирокида маърузалар, тақдимотлар ва муҳокамалар ўтказилади. Барқарор туризмнинг энг яхши амалиётлари, яшил сармояларнинг сайёҳлик тармоғига таъсири, шунингдек, янги йўналишларни шакллантиришда табиий ва маданий мероснинг ўрни муҳокама қилинади. Бундан ташқари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва сайёҳлик объектлари учун стартаплар ҳамда энергия тежамкор ечимлар намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар нафақат замонавий тенденциялар ҳақида маълумот олишлари, балки соҳа мутахассисларидан амалий маслаҳатлар ҳам олишлари мумкин.
Кўргазма Ўзбекистонда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили деб эълон қилинган пайтда ўтказилмоқда. Бу эса экологик ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида туризмни ривожлантиришнинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турибди. Туризм қўмитасининг стенди оддий кўргазма эмас, балки тажриба алмашиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва туризмнинг келажагини - очиқ, онгли ва барқарор туризмни шакллантириш учун жонли майдон вазифасини ўтамоқда.