Ўзбекистон дунёда яшил водород ишлаб чиқарадиган олтинчи давлат бўлишга тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон жорий йил июнь ойида яшил водород ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов UEW-2025 Халқаро энергетика ҳафталиги доирасида маълум қилди.
«Умид қиламизки, июн ойи бошларида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида биринчи натижаларни намойиш этиб, **расман ишга туширишни эълон қиламиз», — деди вазир.
Энергетика вазири таъкидлашича, ҳозирги кунда дунёда фақатгина бешта давлат яшил водород ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон бу бозорга чиқиши орқали яшил ёқилғи турини ўзлаштирган олтинчи мамлакатга айланади ва жаҳон энергетика ҳамжамиятидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида саудиялик ACWA Power компанияси иштирокидаги яшил водород ишлаб чиқаришга мўлжалланган пилот лойиҳа қурилишига старт берган эди.
88 миллион долларлик лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда, 2025 йилда, йилига 3000 тонна яшил водород ишлаб чиқаришни бошлаш мўлжалланган.
«Ўзкимёсаноат» АЖ маълумотига кўра, иккинчи босқичда Чирчиқ шаҳрида яшил водород асосида йилига 500 минг тонна аммиак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, умумий ўрнатилган қуввати 2,4 ГВт бўлган шамол электр станцияси қурилиши ҳам режалаштирилган.