Ўзбекистон дипломатлари Россия Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбарияти билан музокара ўтказишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Россия Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ("Роструд") раҳбарининг ўринбосари Ирина Зубкова билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда, шунингдек, "Роструд"нинг Меҳнат бозори ва халқаро лойиҳалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ольга Корчемкина, Халқаро лойиҳалар ва меҳнат миграцияси департаменти бош мутахассиси Даниил Смирнов ва маслаҳатчиси Анастасия Самойленко иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини ташкилий равишда жалб этишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, меҳнат миграциясини тартибга солишнинг мавжуд механизмларини оптималлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
"Россияда ишлаш" платформаси доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига, хусусан, ахборот тизимларини интеграциялаш, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ваколатхонасининг шахсий кабинетини яратиш, хорижий фуқароларни ишга жойлаштиришнинг асосий талаблари ва тартибларини тушунтириш бўйича қўшма ахборот материалларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз дипломатлари Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишга жойлаштириш бўйича ҳуқуқий каналларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Шунингдек, ишга қабул қилишнинг ташкилий тартиб-таомилларини соддалаштириш, ишончли иш берувчиларни танлашга кўмаклашиш, уларнинг ҳалоллигини биргаликда назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
"Роструд"нинг "Россияда ишлаш" платформаси тақдимоти чоғида Россия томони меҳнат муносабатларини рақамлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Россия мақсадли аудиторияси учун ахборот маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқиш, чет эл фуқароларини ишга жойлаштиришга оид талаб ва тартибларни тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан ҳамкорлик қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.