Ўзбекистон делегациясининг Японияга сафари: қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантиришда халқаро тажриба
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 июлдаги ПҚ-4399-сон қарорига мувофиқ, Савдо-саноат палатасига “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасининг “Бизнес-инкубатор ва мураббийлик” 1.1-субкомпонентини амалга ошириш вазифаси юклатилган. Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон делегациясининг Токио шаҳрига хизмат сафари ташкил этилди.
Ташрифдан мақсад — Япониянинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, бизнес-инкубаторлар ва менторлик тизимлари борасидаги тажрибасини ўрганишдан иборат.
Ташриф доирасида Япония Савдо-саноат палатаси (JCCI) билан учрашув ўтказилди. Учрашувда томонлар қишлоқ жойлардаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар учун ўқув ва мураббийлик дастурларини яратиш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
JCCI Япониядаги илғор инкубаторлар фаолияти ва давлат-хусусий шериклик моделлари ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон томони эса ушбу тажрибани лойиҳа доирасида амалга оширилаётган дастурларга мослаштиришга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, семинарлар ташкил этиш ва тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
Сафар натижалари қишлоқ тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ва лойиҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилади.