Валюта курслари 05/06/2025
$1 – 12831.81
UZS – -0.2%
€1 – 14606.45
UZS – -0.45%
₽1 – 163.75
UZS – 0.18%
Қидириш
Иқтисод 07/06/2025 Ўзбекистон делегациясининг Камбоджага ташрифи: "Better Work" дастури доирасида тажриба алмашинуви

Ўзбекистон делегациясининг Камбоджага ташрифи: "Better Work" дастури доирасида тажриба алмашинуви

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 26 майдан бошлаб, ХМТ ва IFCънинг “Better Work” дастури доирасида Ўзбекистоннинг уч томонлама ҳамкорлари — Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Иш берувчилар конфедерацияси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари Камбоджа Қироллигига ташриф буюрди.

“Better Work Uzbekistan” дастури 2023 йил 30 майда имзоланган меморандум асосида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 5 ҳудуддаги 12 корхона рўйхатдан ўтиб, маслаҳат ва ўқув хизматлари олмоқда. Шу билан бирга, глобал брендлар билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ташриф давомида Камбоджа Меҳнат вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси (TAF TAC), Камбоджа касаба уюшмалари кенгаши билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда меҳнат муносабатлари, бирлашиш эркинлиги, касбий таълим ва тикувчилик соҳасидаги уч томонлама мулоқот масалалари муҳокама қилинди.

Делегация, шунингдек, Berry Apparel ва Sabrina каби халқаро брендлар (GAP, H&M, C&A, NIKE, Primark ва бошқалар) билан ишловчи фабрикалар фаолияти билан танишди.

Камбоджада “Better Work” дастури “Better Factories Cambodia (BFC)” номи остида 2001 йилдан бери фаолият юритиб, 660 дан ортиқ фабрикани, 645 минг ишчини қамраб олиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширган ва гендер тафовутини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Ташриф Ўзбекистон тўқимачилик саноатида халқаро стандартларни жорий этиш ва глобал бозорда рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг