Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг етакчи Hamid Leather компаниясига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг етакчи чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири — Hamid Leather корхонасига ташриф буюрди. Учрашув давомида компания директори Муҳаммад Насим делегация аъзоларига корхонанинг иш фаолияти, халқаро ҳамкорлик тажрибаси ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.
Hamid Leather — 1994 йилда ташкил этилган, қўй ва мол терисини қайта ишлашга ихтисослашган чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания. Йилига 200 000 дона куртка ва 80 000 дона сумка ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқариш ҳажми 4 млн доллар, маҳсулотларининг 100% экспорт қилинади.
Экспорт бозори 16 дан ортиқ давлатни қамраб олган, жумладан: Германия, Италия, Жанубий Корея, АҚШ. Компания Michael Kors, Calvin Klein, TK Maxx каби брендлар билан ҳамкорлик қилади.
Hamid Leather LWG Gold Rated, BSCI, ва SLF каби халқаро сертификатларга эга. Корхонада 800 нафардан ортиқ ходим ишлайди, экологик масъулият ва замонавий технологияларга таянган иш услуби йўлга қўйилган.
Ташриф доирасида томонлар Ўзбекистонда чарм саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий таклифларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, бу эса истиқболда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий ва амалий асос яратади.