Валюта курслари 03/12/2025
$1 – 11880.93
UZS – -0.12%
€1 – 13794.95
UZS – -0.23%
₽1 – 153.28
UZS – 0.2%
Қидириш
Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтган АМТБ ва СEА бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтган АМТБ ва СEА бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтган АМТБ ва СEА бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида иштирок этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Швейцариянинг Женева шаҳрида Атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий контекстда баҳолаш тўғрисидаги Конвенция (Эспо конвенцияси) ва Стратегик экологик баҳолаш (СEБ) протоколи доирасида Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АМТБ) ва СEБ бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилиши (1–3 декабрь) бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик экспертизаси маркази директори Ғайрат Мухамедов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Эспо конвенцияси БМТ Европа иқтисодий комиссияси томонидан илгари сурилган халқаро битим бўлиб, 1991 йилда Финляндиянинг Эспо шаҳрида имзоланган ва 1997 йилда кучга кирган. Конвенцияга кўра, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тартиби потенциал хавфли лойиҳалар бўйича нафақат ушбу лойиҳа амалга оширилаётган давлатнинг ўзида, балки унинг таъсир доирасига тушиши мумкин бўлган қўшни мамлакатларда ҳам ўтказилиши лозим. Конвенция талабларига биноан, баҳолаш жараёни режалаштиришнинг энг дастлабки босқичлариданоқ амалга оширилиши керак.

Тадбирда Ўзбекистон вакиллари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, АМТБ ва СEБнинг янги механизмларини жорий этиш, экологик жараёнларни рақамлаштириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни кучайтиришда фаол экани таъкидланди.

Тадбир давомида мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳудудий-тадбиркорлик ва энергетика, иқлим, биохилма-хиллик соҳаларида экологик баҳолаш самарадорлигини ошириш, Конвенция ва Протокол талабларига риоя қилиниши устидан мониторинг механизмларини такомиллаштириш, Марказий Осиё давлатлари иштирокида субҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик жараёнларда рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилиш, келаси давр учун иш режаларини шакллантириш, янги қўлланмалар ва ўқув дастурларини тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Ушбу муҳим тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ислоҳотларни тақдим этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашиш учун муҳим имконият ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг