Ўзбекистон делегацияси Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар IV парламентлараро форумда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Евроосиё гуруҳи (ЕОГ)нинг жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича аъзо давлатларнинг IV парламентлараро форумида иштирок этди. Ушбу форум Москва шаҳрида ЕОГнинг 42-ялпи ҳафталиги доирасида ўтказилмоқда.
Тадбирда Евроосиё минтақасидаги 15 дан ортиқ давлатлар, шунингдек, Яқин Шарқ, Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳамда 20 дан зиёд халқаро ташкилотларнинг 200 дан зиёд делегатлари иштирок этди.
Форум доирасида жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилик чора-тадбирлари, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштиришга чек қўйиш воситаси сифатида активларни қайтаришнинг муайян механизмларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Сенатор А. Эшмуратов ўз чиқишида Евроосиё маконида парламентлараро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш халқаро ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Иштирокчилар мамлакатимизда жамият манфаатларига хизмат қилувчи очиқ ва халқ парламенти моделини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилинди. Ўзбекистонда фуқаролар, жамоатчилик вакиллари, мутахассислар ва фаол ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнида кенг иштирокини таъминлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди. Бундай ёндашув қонун чиқарувчи органнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини юксалтиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Тадбир якунида ЕОГга аъзо давлатлар парламентлари ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилди.