Ўзбекистон делегацияси Австрия парламентида иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вена шаҳрида бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон–Австрия муносабатларида янги саҳифа очилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Курбанов раҳбарлигидаги делегация Австрия Парламентида самарали мулоқотлар ўтказди.
Музокараларда Австрия Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Карл Реннер ва Австрия Иқтисодий палатаси аъзоси Гунтэр Фэхлинджер иштирок этди. Делегацияга мамлакатимизнинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов ҳамроҳлик қилди.
Суҳбат аввалида Д.Курбанов ташриф давомида австриядаги бизнесни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилганини, улар натижасида муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.
Карл Реннер эса Австрия парламентаризми тарихи ва қонун чиқариш жараёни ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, у охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Австрия томонидан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларида энг қизиқарли таклифлардан бири Гунтэр Фэхлинджердан келди. Унинг такидлашича, Ўзбекистон сифатли қуруқ мевалар экспортида катта имкониятларга эга ва бу маҳсулотлар Австрия бозорида юқори талабга эга бўлиши мумкин.
Ўз навбатида, ўзбек томони ушбу таклифни маъқуллаб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси австриялик шерикларга ишончли маҳаллий ҳамкорлар топиш ва лойиҳавий масалаларни ҳал этишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Австрия Иқтисодий палатаси ва икки давлат расмий идоралари савдо айланмасини ошириш ҳамда иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш бўйича келишиб олдилар.