Ўзбекистон делегацияси АҚШда Plug and Play бош офисига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШга хизмат сафари доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси мамлакатдаги халқаро йирик акселерация марказларидан бири ҳисобланган Plug and Play компаниясининг бош офисида бўлди.
Учрашув давомида Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров ҳамда Plug and Play компанияси бошқарув аъзоси Амир Амиди ўртасида суҳбат бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистонда стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш, инновацион ташаббусларни рағбатлантириш, шунингдек, туризм соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Шунингдек, бу йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тажриба алмашишни назарда тутувчи ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Plug and Play – Силикон водийсида (Калифорния) жойлашган дунёнинг энг йирик инновацион платформаларидан бири бўлиб, у минглаб стартаплар ва йирик корпорациялар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
Компания стартапларнинг глобал бозорга чиқишига кўмаклашиб, инвестициялар жалб этишда, акселерация жараёнларида ва инновацияларни амалиётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнайди.