Ўзбекистон делегацияси АҚШ Савдо палатасида IТ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси АҚШ Савдо-саноат палатасига ташриф буюрди. Учрашувда палатанинг Марказий Осиё ва Яқин Шарқ бўйича вице-президенти Женнифер Милл иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Google, Meta, Palo Alto Networks, Mastercard, Oracle, Salesforce, Citi, Supermicro, Nexttracker, Playground Global, 500 Global, Vertiv, Mayer Brown, FINN Partners, Synergy International Systems, Axiom Space, Docra, Freedom Holding ва ZELH каби йирик IТ-компаниялар вакиллари қатнашди.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда АТ-компаниялар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида америкалик бизнес вакиллари иштирокида маслаҳатчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда “Enterprise Uzbekistan” ташаббусини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда, шунингдек, глобал технологик гигантларни («hyperscalers») Ўзбекистонга жалб этиш учун зарур инфратузилма, ҳуқуқий база ва шахсий маълумотларни сақлаш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунида томонлар сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий этишдан тортиб, миллий IТ маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишгача бўлган йўналишларда ҳамкорлик “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Тадбир якунида «Ўзбеккосмос» агентлиги ва АҚШнинг Vast компанияси ўртасида космик соҳада ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.