Ўзбекистон ботқоқлик ерлари бўйича Рамсар конвенцияси билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ботқоқлик ерлари бўйича Рамсар конвенцияси билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда бўлиб ўтаётган CITES CoP20 доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ҳудудлар тўғрисидаги Рамсар конвенцияси Бош котиби Мусонда Мумба билан учрашди.
Учрашув Ўзбекистонда сув-ботқоқ экотизимларини сақлаш ва Рамсар конвенцияси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Конвенция ўртасида самарали ҳамкорлик шаклланиб, унинг доирасида ўқув-маърифий, тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилиш ташаббуслари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Айниқса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Рамсар стратегиясини амалиётга жорий этишга қаратилган махсус ўқув дастури ишлаб чиқилгани эътироф этилди. Ушбу дастур мутахассисларнинг малакасини ошириш ва сув-ботқоқ ҳудудларини бошқаришда тизимли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг беш ҳудуди: Денгизкўл (2001 йил), Айдар-Арнасай кўллар тизими (2008 йил), Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари, Судоче (2023 йил), Жилтирбас (2024 йил) Рамсар рўйхатига киритилганлиги таъкидланди. Ушбу табиий объектлар кўчиб юрувчи сув қушлари, минтақа биохилма-хиллиги ва сув балансининг барқарорлиги учун алоҳида аҳамиятга эга.
Учрашувда Мусонда Мумба Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига ташрифи давомида талабаларга маъруза ўқигани ҳақида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, ёшларнинг сув-ботқоқ экотизимларини сақлаш масалаларига қизиқиши ортиб бормоқда ва 2026 йилда бундай маърузалар сонини янада кўпайтириш бўйича қарор қабул қилинган.
Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг ноёб сув-ботқоқ ҳудудларини асрашда Рамсар конвенцияси билан ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади ҳамда илмий-таълимий ва амалий лойиҳалар қамровини кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.