Ўзбекистон бахтлилик рейтингида 53-ўринни сақлаб қолди
Ўзбекистон бахтлилик рейтингида 53-ўринни сақлаб қолди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 147 та мамлакат орасидаги глобал World Happiness Report рейтингида 53-ўринни сақлаб қолди. Мамлакат бахтлилик даражаси 10 баллдан 6,283 балл билан баҳоланди.
Республика позицияси ўтган йилга нисбатан ўзгаришсиз қолди.
Рейтингни шакллантиришда асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Улар қаторига аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот даражаси, ижтимоий қўллаб-қувватлаш даражаси, кутилётган умр давомийлиги, фуқаролик эркинликлари даражаси, бандлик кафолатлари, коррупцияни қабул қилиш даражаси, шунингдек социологик сўровлар натижалари киради.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори ўринни Қозоғистон эгаллаб, 33-поғонага жойлашди. Қирғизистон 66-ўринни, Тожикистон эса 88-ўринни эгаллади. Туркманистон эса тадқиқотга киритилмаган.
Рейтинг етакчиси яна Финляндия деб топилди, охирги ўринни эса Афғонистон эгаллади.