Валюта курслари 25/06/2025
$1 – 12456.25
UZS – 0.36%
€1 – 14461.71
UZS – 1.57%
₽1 – 158.36
UZS – -0.01%
Қидириш
Ўзбекистон 25/06/2025 Ўзбекистон Барқарор ривожланиш глобал индексида 19 поғона юқорилади

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш глобал индексида 19 поғона юқорилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (Sustainable Development Solutions Network – SDSN) томонидан эълон қилинган 2025 йил учун Барқарор ривожланиш Ҳисоботи рейтингида Ўзбекистон 73 балл билан 62-ўринни эгаллади (қарийб 45 фоиз мақсадларга эришилган ёки эришиш жараёнида).

Маълумот учун: Мазкур ҳисобот SDSN томонидан мустақил баҳолаш асосида тайёрланиб, Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) соҳасида мамлакатларнинг тараққиёт даражасини йиллик асосда аниқлаб боради. Ушбу тармоқ Колумбия университети профессори ва БМТ Бош котибининг БРМ бўйича маслаҳатчиси профессор Жеффрей Сачс томонидан ташкил этилган.

Ўзбекистон жорий йилда 2024 йилга нисбатан 19 поғона юқорилади ва Марказий Осиё ҳамда Шарқий Европа мамлакатлари орасида 2015 йилдан бери энг тез ўсаётган мамлакат сифатида эътироф этилди.

Жорий йилнинг 24 июнь куни мазкур Ҳисоботнинг онлайн тақдимоти ўтказилиб, унда профессор Жеффрей Сачс, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Африка тараққиёт банки вице-президенти Кевин Чика Урама, Тсинхуа университети профессори Девид Ли, Пенсилвания университети профессори Эугéние Бирч, SDSN вице-президенти Гуиллауме Лафортуне ва бошқа нуфузли халқаро экспертлар иштирок этишди.

Тадбир доирасида вазир ўринбосари Умид Абидхаджаев Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ва мавжуд миллий молиявий механизмларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, глобал молиявий тизимни ислоҳ қилиш, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун узоқ муддатли ва қулай молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Профессор Жеффрей Сачс ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади:

“Барқарор ривожланишга эришишда энг биринчи навбатда мамлакатдаги сиёсий етакчилик муҳим ахамият касб этади. Барқарор ривожланишга эришишда нафақат ички ва ташқи ресурсларни йўналтириш, балки уларнинг самарадорлигини таъминлаш зарур.”

Хусусан, профессор Сачс ҳамда Африка тараққиёт банки вице-президенти Кевин Чика Урама томонидан Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланиб, бунда сиёсий ироданинг мустаҳкамлиги ва қатъий етакчилик асосий омил сифатида алоҳида таъкидланди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича эришилган натижаларга халқаро экспертлар алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган институционал ва таркибий ислоҳотлар, жумладан, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва муносиб иш ўринларини яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим сифатини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, рақамли ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда статистика соҳасида очиқликни мустаҳкамлаш йўналишларида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш глобал индексида юқори ўсишига асосий туртки бўлди ва халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг