Ўзбекистон Австриянинг композит қувурлар ишлаб чиқариш технологияларини ўрганмоқда
Ўзбекистон Австриянинг композит қувурлар ишлаб чиқариш технологияларини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари М. Якубов бошчилигидаги делегация Австриянинг Санкт Валентин шаҳрида жойлашган Фиброн Пипе заводига ташриф буюриб, замонавий композит қувурлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Хизмат сафари давомида мутахассислар гранула кўринишидаги хом ашёдан бошлаб, тайёр юқори технологияли қувурлар ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни кўздан кечирдилар.
Қайд этиш жоиз, композит қувурлар ишлаб чиқариш бўйича барча линия ва ускуналар Фиброн Пипе компаниясининг ўз ишланмаси ҳисобланади.
Қувурлар технологияси халқаро патентлар билан ҳимояланган бўлиб, компаниянинг ўзига хос «ноу-хау»си сифатида баҳоланади.
Ишлаб чиқариш жараёни сунъий интеллект орқали назорат қилиниб, инсон омилининг таъсирини камайтиради ва маҳсулот сифатини оширади. Бу эса газ соҳасида хавфсизлик ва ишончлиликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Заводда ишчи босими 33–90 бар бўлган қувурлар ишлаб чиқарилиб, улар лаборатория шароитида 600–700 баргача босимда синовдан ўтказилади. Шунингдек, узоқ муддатли текширувлар орқали қувурларнинг хизмат муддати камида 50 йил экани тасдиқланган.
Ташриф доирасида Ўзбекистонга пилот лойиҳа учун етказиб берилиши режалаштирилган композит қувурлар партиясини лаборатория синовларидан ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Маҳсулотнинг мустаҳкамлик кўрсаткичларини текшириш уни мамлакат газ тақсимлаш тизимига жорий этишга тайёрлигини тасдиқлайди.
Синовлар муваффақиятли якунланган тақдирда, келгусида қўшма корхона ташкил этиш ва маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилади.