Ўзбекистон АҚШ ва Афғонистонга қурилиш материаллари экспортини кенгайтириш бўйича янги қадамларни белгилаб берди
Ўзбекистон АҚШ ва Афғонистонга қурилиш материаллари экспортини кенгайтириш бўйича янги қадамларни белгилаб берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «O‘zsanoatqurilishmateriallari» уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 декабрдаги PQ–365-сон қарорига мувофиқ қурилиш материаллари экспортини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, ишлаб чиқарувчи корхоналар учун янги ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда уюшма раҳбарияти ҳамда республикада фаолият юритаётган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Онлайн йиғилиш давомида уюшма бошқарув раиси Илёс Раҳимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон қурилиш материаллари маҳсулотларини халқаро бозорларга, хусусан АҚШ ва Афғонистон йўналишида экспорт қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва янги ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.
Муҳокамаларда АҚШ бозорига чиқишда маҳсулот сифати, халқаро стандартларга мослик, логистика масалалари ва экспорт жараёнларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида қурилиш материаллари шоурумини ташкил этиш ва уни Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи корхоналар ихтиёрига фойдаланиш учун топшириш шартларига бағишланди.
Мазкур шоурум орқали ўзбек ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини тўғридан тўғри хорижий харидорларга намойиш этиш, янги шартномалар тузиш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятига эга бўлиши таъкидланди.