Валюта курслари 24/10/2025
$1 – 12129.33
UZS – 0.23%
€1 – 14061.53
UZS – 0.21%
₽1 – 149.17
UZS – 0.78%
Қидириш
Ўзбекистон аҳолисининг жами даромади 2025 йил январь–сентябрь ойларида 825,3 трлн сўмга етди

Ўзбекистон аҳолисининг жами даромади 2025 йил январь–сентябрь ойларида 825,3 трлн сўмга етди

Ўзбекистон аҳолисининг жами даромади 2025 йил январь–сентябрь ойларида 825,3 трлн сўмга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-сентябрь ҳолатига аҳолининг умумий даромадлари 825,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Аҳоли даромадлари бўйича реал ўсиш суръатларини ҳисоблашда нарх омиллари таъсирини чиқариб ташлаш мақсадида, инфляция кўрсаткичларининг асосий турларидан бири – истеъмол нархлари индекси (ИНИ)дан фойдаланилади.

Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 108,4 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ҳолатига кўра, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 21,8 млн сўмни, аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг номинал ўсиш суръати 116,1 % ни ва реал ўсиш суръати 106,3 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида, аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар бўйича Тошкент шаҳри (52 029,6 минг сўм), Навоий (32 052,0 минг сўм), Бухоро (25 972,3 минг сўм), Хоразм (22 817,3 минг сўм) ва Тошкент (21 940,2 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Аксинча Қорақалпоғистон Республикаси (14 843,0 минг сўм) ҳамда Наманган (15 832,1 минг сўм), Сурхондарё (16 483,3 минг сўм), Қашқадарё (17 012,1 минг сўм), Жиззах (17 074,1 минг сўм), Сирдарё (17 164,9 минг сўм), Самарқанд (18 110,6 минг сўм), Фарғона (18 478,8 минг сўм) ва Андижон (19 378,6 минг сўм) вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромадлар бўйича ўртача республика даражасидан қуйи кўрсаткичлар қайд этилди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона вилояти (13,4 %), Тошкент шаҳри (10,3 %) ҳамда Қашқадарё (6,6 %) ва Хоразм (6,4 %) вилоятларида кузатилди.

Шу билан бирга Бухоро (6,1 %), Сирдарё (5,6 %), Навоий (5,4 %), Жиззах (4,7 %), Самарқанд (4,1 %), Наманган (4,0 %), Сурхондарё (3,4 %), Тошкент (3,3 %) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (2,2 %) ва Андижон вилоятида (1,1 %) аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиш суръатлари ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳоли умумий даромадларининг катта қисми ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни ўз ичига олган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлардан (жами аҳоли умумий даромадларининг 59,9 % и) шаклланди.

Аҳоли умумий даромадлари таркибида шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадларнинг улуши 6,6 %, мол-мулкдан олинган даромадларнинг улуши 3,3 %, трансфертлардан олинган даромадлар улуши 30,2 % ни ташкил қилди.

Ҳудудларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлари (ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар)нинг энг юқори улуши Навоий вилоятида (78,0 %) кузатилди.

Аксинча, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди.

Республика бўйича аҳоли умумий даромадлари таркибида шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар ва мол-мулкдан олинган даромадларнинг улуши сезиларли даражада бўлмасада, Тошкент шаҳрида бундай даромадларнинг улуши 20,5 % ни ташкил этди.

Шунингдек, трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши Фарғона, Андижон, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30 % дан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлса, Навоий вилоятида мазкур даромад турининг улуши энг паст яъни, 13,9 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолининг умумий даромадлари таркибида ёлланма ишчиларнинг даромадлари 26,1 % ни ташкил қилди. Жорий даврда ёлланма ишчилар даромадларининг ўсиш суръати 121,7 % ни ташкил этиб, аҳоли умумий даромадлари номинал ҳажмининг 5,5 % га ўсишини таъминлади.

Ҳудудлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида ёлланма ишчилар даромадларининг аҳоли умумий даромадларига нисбатан улуши ва уларнинг ўсиш суръатининг юқорилигига қараб, сезиларли таъсир кўрсатган.

Жорий даврда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг ўсиш суръати 115,3 % ни ташкил этиб, аҳоли умумий даромадлари номинал ҳажмининг 5,3 % га ўсишини таъминлади. Ҳудудларда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг энг юқори улуши Жиззах вилоятида 51,8 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал ўсиш суръати 117,8 % ни ташкил этди.

Худди шундай Тошкент вилоятида мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар улуши 44,6 % ни ва ўсиш суръати 113,6 % ни ва Бухоро вилоятида мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар улуши 43,9 % ни ва ўсиш суръати 115,5 % ни ташкил этди.

Аҳолининг умумий даромадлари таркибида трансфертлардан олинган даромадлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ушбу даромадлар ижтимоий трансфертлар ва бошқа жорий трансфертларни ўз ичига олади.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари маълумотларига кўра, трансфертлардан олинган даромадларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал ўсиш суръати 122,2 % ни ташкил этди. Ушбу даврда аҳолининг умумий даромадлари ҳажмида трансфертларнинг улуши 30,2 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари дастлабки маълумотларига кўра, трансфертлардан олинган даромадларнинг 28,6 % ини ижтимоий трансфертлардан олинган даромадлар ташкил қилган бўлса, 71,4 % ини бошқа жорий трансфертлардан олинган даромадлар ташкил қилди.

Ижтимоий трансфертлар таркибида пенсиялар энг кўп улуш – 84,6 % ни ташкил қилган бўлса, нафақалар 13,6 % ни, стипендиялар 1,8 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари бўйича аҳолининг умумий даромадлари таркибида (бошқа жорий трансфертлар таркибига кирувчи) республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши 21,5 % ни ташкил этди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг умумий даромадлари ҳажмида кичик тадбиркорликдан олинган даромадларнинг улуши 57,9 % ни ташкил этди.

Аҳоли умумий даромадлари таркибида кичик тадбиркорликдан олинган даромадлар Жиззах (67,6 %), Бухоро (64,4 %), Тошкент (63,7 %), Наманган (62,4 %), Хоразм (61,4 %), Қашқадарё (61,1 %), Сурхондарё (60,9 %) ва Самарқанд (60,7 %) вилоятларида сезиларли улушни эгаллади. Тошкент шаҳрида (47,5 %) эллик фоиздан кам улушни ташкил этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг