Ўзбекистон 2025 йилда хорижда оғир вазиятга тушиб қолган 3,7 мингдан ортиқ фуқарони Ватанга қайтарди
Ўзбекистон 2025 йилда хорижда оғир вазиятга тушиб қолган 3,7 мингдан ортиқ фуқарони Ватанга қайтарди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
2025 йил давомида Миграция агентлиги томонидан хорижда мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган 3709 нафар юртдошимиз 22 та хорижий давлатдан Ватанга қайтарилди.
Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун Миграция жамғармаси маблағларидан 15,9 миллиард сўм йўналтирилиб, бу маблағлар транспорт, тиббий, ташкилий ҳамда бошқа қўшимча харажатларни тўлиқ қоплади.
30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан 30 июль – 30 август кунлари илк бор “Ватанга қайтариш” хайрия акцияси ўтказилди.
Акция доирасида хорижда оғир ҳаётий шароитга тушиб қолган ва зудлик билан ёрдамга муҳтож бўлган 1 300 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга олиб келинди.
Гуманитар тадбирлар жараёнида тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йил давомида бахтсиз ҳодисалар ёки оғир касалликларни бошдан кечирган 66 нафар шахс Ватанга қайтарилди.
Уларнинг 45 нафари махсус тиббий транспортда ётган ҳолда ташилган бўлса, яна 21 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг доимий назорати остида олиб келинди.
Миграция агентлиги таъкидлашича, хорижда меҳнат фаолияти давомида қийинчиликларга дуч келган фуқаролар ёрдам сўраб мурожаат қилиш тартиби ва мавжуд қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида агентликнинг расмий ахборот манбалари орқали батафсил маълумот олишлари мумкин.