Ўзбекистон 2025 йил октябридан «чиройли» давлат рақамларини аукцион орқали сотишни тўхтатади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил октябридан товар-хомашё биржаси орқали «чиройли» давлат рақам белгиларини аукцион йўли билан сотиш амалиёти тугатилади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, 1 октябрдан бошлаб АЖ «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси» (ЎзРТСБ) тизими орқали аукционлар ўтказиш тўхтатилади.
Сотилмаган комбинациялар қуйидагича тақсимланади: 1–3 тоифадаги рақамлар — «Uzavtomotobelgi» корхонаси орқали ягона оширилган тариф асосида, 4–6 тоифадаги рақамлар эса амалдаги тартибга мувофиқ оширилган тарифсиз берилади.
2026 йил 1 январдан эса рақам белгиларини ЎзРТСБ орқали аукционда сотиш ва талаб юқори бўлган ҳарф-рақамли комбинациялар учун оширилган тариф жорий этиш амалиёти тўлиқ бекор қилинади. Шу билан бирга, талаб юқори бўлмаган оддий давлат рақам белгиларини бериш амалдаги тартибда сақланиб қолади.
Жисмоний ва юридик шахслар хоҳлаган комбинациядаги рақам белгиларини электрон ариза бериш орқали тўғридан-тўғри ягона оширилган тарифни тўлаб олишлари мумкин бўлади.
Бир вақтнинг ўзида барча бўш ҳарф ва рақам комбинацияларининг ягона очиқ маълумотлар базаси ишга туширилади. Базадан қуйидаги йўллар орқали фойдаланиш мумкин бўлади:
— Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоят ИИББ бўлимларидаги инфокиосклар орқали;— ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мобил иловаси орқали;— ЙҲХХ хизмати расмий сайти орқали;— Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали.
Барча давлат рақам белгилар тизимлаштирилиб, ҳудудий кодлар бўйича жойлаштирилади.
Келгусида «престижли» комбинацияларни бериш муайян ҳудудий код доирасида чекланади ва бу фақат комбинацияларнинг камида 90 фоизи ишлатилган тақдирда мумкин бўлади.