Валюта курслари 24/06/2025
$1 – 12410.99
UZS – -0.69%
€1 – 14237.89
UZS – -1.16%
₽1 – 158.38
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 24/06/2025 Ўзбекистон 2024 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди

Ўзбекистон 2024 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди

Cурат: Pixabay / benscripps

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон биринчи марта тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) жалб қилиш бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида етакчига айланди. Бу натижа билан у сўнгги уч ўн йилликда доимий равишда пешқадамликни сақлаб келган Қозоғистонни ортда қолдирди.

БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD)нинг сўнгги ҳисоботига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга кириб келган ТХИ ҳажми 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, Қозоғистон 1992 йилдан буён биринчи марта манфий сальдога эга бўлиб, минус 2,55 миллиард долларни қайд этди ва минтақавий рейтингда сўнгги ўринга тушиб кетди.

Иккинчи ўринни 1,6 миллиард долларлик натижа билан Туркманистон эгаллади. Учинчи ўрин — Қирғизистон (705 миллион доллар), Тожикистон эса 291 миллион доллар билан рўйхатни якунлайди.

Шундай қилиб, ҳали ўтган йилигача минтақада энг кўп инвестиция жалб этган Қозоғистон бу йил барча қўшниларидан ортда қолди.

Мутахассислар таъкидлашича, жаҳондаги умумий ТХИ оқими 2024 йилда 11% га камайиб, 1,5 триллион долларга тушган фонда Қозоғистондаги ҳолат алоҳида аҳамиятга эга. Чунки минтақада ҳеч бир мамлакат ҳалигача бундай тез суръатда мавқеини йўқотмаган эди.

Бунинг аксича, Ўзбекистонда инвестиция фаоллиги барқарор ўсишда давом этмоқда. Фақатгина рақамли иқтисодиётнинг ўзида 2024 йил давомида мамлакат 900 миллион долларга яқин инвестиция жалб этди. Бу телекоммуникация соҳасидаги ислоҳотлар ва рақамли хизматларга талабнинг ошиши натижасидир. Транспорт инфратузилмасига ҳам 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя йўналтирилди.

Халқаро инвесторлар эътибори эса энергетика секторига алоҳида қаратилмоқда. 2020–2024 йиллар давомида Ўзбекистон 40 дан ортиқ энергетик лойиҳа орқали 18 миллиард доллар жалб қилишга муваффақ бўлди — бу кўрсаткич Марказий Осиё миқёсида рекорд ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг