"Ўзбекгидроэнерго" АЖ: Андижон вилоятидаги сув тошқини оқибатлари бартараф этилмоқда, жабр кўрганларга ёрдам кўрсатилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти Бувайда туманидаги сув тошқинидан жабрланган маҳалла аҳолисига тегишли компенсация берилади. Бу ҳақда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ маълум қилди.
Компания маълумотларига кўра, Жанубий Фарғона каналининг "JFK-3" кичик ГЭС қурилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги VM-800-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Россиянинг “MPR” молия институти маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бўлиб, қурилиш ишларини “под ключ” шартлари асосида Россиянинг “Энергосила” компанияси амалга оширмоқда.
ГЭСнинг лойиҳа қуввати 6,9 мегаваттни, йилига эса 33 миллион киловатт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқаришни ташкил этади. Лойиҳа доирасида вегетация мавсумида сув тарқатишни тартибга солиш мақсадида сувни ушлаб туриш иншооти қурилган. Шу муносабат билан асосий сув оқими вақтинчалик равишда айланма канал орқали йўналтирилган.
Бироқ амалий шароитда айланма канал бўйлаб сув оқими режалаштирилган 60 кубометр ўрнига 70 кубометр/секундгача етди. Бу эса Жанубий Фарғона канали ўнг соҳилининг емирилишига сабаб бўлди.
Баён қилинишича, ҳозирги вақтда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Талаб этиладиган техника ва ишчи кучлари жалб этилган ҳолда таъмирлаш ва тиклаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Кутилишича, жорий йил 9 май соат 14:00 га қадар канал тўлиқ тикланади ва мевжуд эксплуатация режимидан фойдаланишга қайтилади.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ ишонтиришича, сув тошқини оқибатида хонадон ва ҳовли ерларига зарар етган аҳолига етказилган зарар қоплаб берилади.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, сув тошқини натижасида жами 560 та хонадон зарар кўрган.
ФВВ матбуот хизмати маълум қилишича, Жанубий Фарғона каналидаги мазкур ҳодиса оқибатида тахминан 100 та хонадонга сув кирган.
Шундан 30 та уйнинг ичкарисига сув кирган, 70 та ҳолатда эса сув фақат ҳовли ерларига етиб борган.