Валюта курслари 12/03/2026
$1 – 12135.76
UZS – -0.18%
€1 – 14067.77
UZS – -0.7%
₽1 – 153.40
UZS – -0.38%
Қидириш
«Ўзатом» ва «Framatom» ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

«Ўзатом» ва «Framatom» ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

«Ўзатом» ва «Framatom» ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 9 март куни Framatom компаниясининг бош қароргоҳида «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва Фраматом компаниясининг “Автоматлаштирилган бошқарув тизимлари” бизнес бўлинмаси катта ижрочи вице-президенти Лоран Тефри ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан конструктив фикр алмашдилар.

Учрашувда асосий эътибор атом электр станцияларида технологик жараёнларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимларини (ТЖАБТ) жорий этишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига қаратилди.

Илғор тажриба алмашиш, технологиялар трансфери ҳамда ядровий объектларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорликда ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида интеграциялашган ечим асосида атом энергоблокларини қуриш ва улардан фойдаланиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида «Ўзатом» ва Фраматом ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилди.

Томонлар бўлажак энергоблоклар ҳаётий циклининг барча босқичларида ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Framatom -ядро саноати соҳасида жаҳон етакчиларидан биридир. Компания АЭСлар учун ускуналарни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш, ядро ёқилғиси ҳамда бошқарув тизимларини етказиб беришга ихтисослашган.

Framatom реактор қурилмаларининг бутун ҳаётий цикли давомида тўлиқ сервис хизматлари мажмуасини тақдим этиб, бутун дунёдаги атом энергетикаси объектларининг юқори даражадаги хавфсизлиги, фойдаланиш самарадорлиги ва рақобатбардошлигини кафолатлайди.

Компания «Росатом» томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида кўп йиллик муваффақиятли ҳамкорлик тажрибасига эга. Хусусан, Франция компанияси ВВEР реакторлари асосидаги бир қатор халқаро лойиҳалар, жумладан, Венгрияда қурилаётган “Пакш II” АЭСи ва Мисрдаги «Эл-Дабаа» АЭСи учун автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва бошқа ускуналарни етказиб берган. Бу лойиҳалар Фраматом технологияларининг мураккаб халқаро шароитларда, таъминот ва ижрода узилишларсиз ишончли ҳамда самарали эканини намоён этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг