Ўзатом делегацияси «ЭНEРГОПРОМ» халқаро форумида иштирок этмоқда

Ўзатом делегацияси «ЭНEРГОПРОМ» халқаро форумида иштирок этмоқда

Ўзатом делегацияси «ЭНEРГОПРОМ» халқаро форумида иштирок этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2 апрель куни «Ўзатом» агентлиги делегацияси Татаристон Республикасига ишчи ташрифини давом эттириб, бугун Қозон шаҳрида иш бошлаган «ЭНEРГОПРОМ» Қозон халқаро электр энергетика форуми тадбирларида фаол иштирок этди.

Кун давомида делегация вакиллари форумнинг тантанали очилиш маросимида қатнашдилар, ихтисослаштирилган кўргазма экспозицияси билан танишдилар, шунингдек, “ГОЭЛРО вер. 2.0: афсонанинг қайта тикланиши” номли ялпи мажлисда ҳамда МДҲ Электр энергетика кенгашининг 68-йиғилишида иштирок этдилар.

Форум майдонида электр энергетикаси тармоғининг устувор вазифалари, инфратузилмани модернизация қилиш, технологик суверенитетни таъминлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, жараёнларни рақамлаштириш ва малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро ҳамкорлик истиқболлари, илғор тажриба алмашиш ва қўшма энергетика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲ Электр энергетика кенгаши йиғилиши доирасида иштирокчилар Ҳамдўстлик мамлакатлари энергия тизимларининг бугунги ҳолати, минтақавий мувофиқлаштириш, энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, янги генерация қувватларини интеграция қилиш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқдилар.

Форумдаги чиқишларда Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, янги қувватларни барпо этиш, тармоқ мажмуасига рақамли технологияларни жорий этиш ва минтақавий энергетика шериклигини ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб бораётгани қайд этилди.

«Ўзатом» делегацияси ташриф доирасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда.

«ЭНEРГОПРОМ» Қозон халқаро электр энергетика форуми электр энергетикаси соҳасидаги етакчи платформа бўлиб, тармоқни ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этишга ҳамда Россия Федерациясининг 2050 йилгача мўлжалланган Энергетика стратегиясини амалга оширишга кўмаклашади. 2026 йилдан бошлаб форумга федерал мақоми берилган. Тадбир анъанавий тарзда “Қозон Экспо” ХКМда ўтказилиб, у ишбилармонлик дастури, кўргазма ва экспертлар учрашувларини ўз ичига олади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг