Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТ тизими билан маданий соҳадаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТ тизими билан маданий соҳадаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова БМТ Бош котибининг Бош Ассамблея ишлари ва конференциялар бошқаруви бўйича ўринбосари Мовсес Абелян билан учрашув ўтказди.
Мулоқот марказида БМТ тизими билан институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг маданий ташаббусларини кўп томонлама халқаро кун тартиби билан уйғунлаштириш масалалари турди.
Томонлар Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтказилган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини алоҳида таъкидлаб, мазкур анжуман маданият, таълим ва меросни асраш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдон бўлиб хизмат қилганини қайд этдилар.
Шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, БМТ Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) билан ҳамкорликда креатив иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда "Орол мактаби" таълим ташаббусини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.