Нурафшон шаҳрида хорижий инвесторлар билан замонавий қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди
Нурафшон шаҳрида хорижий инвесторлар билан замонавий қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Жиангси Савдо Палаталари Бош Ассоциацияси ижрочи раиси, Хитой Ғарбий Жиангси тадбиркорлари альянси раиси Фан Ёу Ҳу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида вилоят ҳокими меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари доирасида инвестисиявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, айниқса қурилиш ва инфратузилма соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, қулай ишбилармонлик муҳити, саноат ва инвестисия зоналари, хорижий сармоядорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўз навбатида, делегация раҳбари Фан Ёу Ҳу Тошкент вилояти инвесторлар учун очиқ, барқарор ва ишончли ҳудуд эканини қайд этиб, бу ерда қурилиш ҳамда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Самимий ва ишчан руҳда кечган мулоқот давомида хитойлик ишбилармонлар Нурафшон шаҳрида замонавий турар-жой мажмуаси ва меҳмонхона барпо этиш, шунингдек, кўнгилочар масканлар ҳамда бизнес фаолияти учун қулай шарт-шароитларни ўзида жамлаган йирик савдо комплексини ишга тушириш бўйича таклифларини билдирди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, делегация раҳбари Фан Ёу Ҳу Zhongge Holding Co., Ltd. компанияси директорлар кенгаши раиси бўлиб, қурилиш соҳасида 30 йиллик тажрибага эга тадбиркор ҳисобланади. У Хитой Халқ Республикасида ҳам қатор йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган.
Вилоят ҳокими томонидан билдирилган таклифлар маъқулланиб, хорижий сармоядорлар учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар, инвестисия кафолатлари ҳамда амалий қўллаб-қувватлаш чоралари таъминланиши таъкидланди.
Шу билан бирга, вилоят раҳбари Хитой ишбилармон доиралари билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, аниқ таклиф ва ташаббусларни мутахассислар даражасида чуқур ишлаб чиқиш ҳамда икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш муҳим эканига ишонч билдирдилар.