Нукусда соғлиқни сақлаш соҳасида AI Hackathon бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида “HealthTech AI Hackathon” старт олди. Бу тадбир мамлакатдаги умуммиллий сунъий интеллект хакатон лойиҳасининг илк босқичи ҳисобланади.
Лойиҳа Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Жўқорғи Кенгес, IT Park Uzbekistan ва Uzinfocom томонидан ташкил этилган. Ташаббусни Yandex Uzbekistan, Uzum, Click, ZTE, Central Asian University, New Uzbekistan University ва AKFA каби йирик хусусий компаниялар ҳам қўллаб-қувватлади.
AI Hackathon лойиҳаси 2025 йил октябридан 2026 йил декабригача босқичма-босқич амалга оширилади ва мамлакатнинг барча 14 минтақасини қамраб олади. Хакатонда аллақачон соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорлик соҳаларида инновацион ечимларни ишлаб чиқувчи 26 та жамоада 100 дан ортиқ киши иштирок этмоқда.
Нукусда ўтказилаётган “HealthTech AI Hackathon”нинг асосий мақсади — тиббиёт соҳасида рақамли ислоҳотларни жадаллаштиришдир. Лойиҳа соҳа мутахассислари ва ахборот технологиялари соҳасида ишлайдиган ёшларни бирлаштириб, соғлиқни сақлаш тизими учун замонавий рақамли ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган миллий майдонни яратишни назарда тутади.
Тадбирда IT ва тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари, ёш шифокорлар, IT мутахассислари ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этмоқда. Улар учун менторлик сессиялари, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этилган. Жамоалар ўз лойиҳаларини шифокорлар, вазирлик вакиллари ҳамда технология соҳаси етакчиларидан иборат экспертлар ҳайъатига тақдим этади.
Энг яхши деб топилган лойиҳалар грант ёрдамибилан қўллаб-қувватланади, акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этади. Шунингдек, ғолиблар венчур фондларидан инвестиция жалб қилиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Мутахассислар таъкидлашича, тиббиётни рақамлаштириш соғлиқни сақлаш тизимини самарали ва қулай қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Жумладан, сунъий интеллект ва катта маълумотлар таҳлили касалликларни эрта аниқлаш, тиббий тасвирларни ўрганиш ва аҳолининг 30 фоизига таъсир этувчи сурункали касалликларни башорат қилиш имконини яратади.
Шунингдек, теле тиббиёт орқали чекка ҳудудлардаги аҳолига тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгаяди, тақиладиган рақамли қурилмалар эса саломатликни реал вақтда кузатиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашади. AI Hackathon лойиҳаси мамлакатнинг рақамли соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш учун асос бўлади ва бутун республика бўйлаб eHealth соҳасининг IT салоҳиятини очиб беради.