Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кейинги йилларда мамлакатимизда ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштиришга, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлашга, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тага етди, шундан 90 фоизини (531 та) хусусий нашриётлар ташкил этмоқда.

Бугунги кунга келиб нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда 40 млн нусхада адабиётлар нашр этилмоқда.

Соҳани ривожлантириш мақсадида 25 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилди.

Шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги ижтимоий муносабатлар, олиб борилган ўрганишлар натижалари “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг айрим нормаларини такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Сўнгги пайтларда чоп этилаётган китобларда болаларнинг ёш хусусиятларига мос бўлмаган ва онгига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлар акс этгани, айримлари амалдаги давлат стандартлари талабларига мос келмаслиги, тарихий фактлар нотўғри тарзда берилгани, ноаниқ ва илмий исботланмаган маълумотлар баён этилгани аниқланган.

Мазкур Қонун “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилашга, китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган тузатишлар киритишни назарда тутади.

Қонунда бош муҳаррир нашриёт таҳририятининг ижодий фаолиятига раҳбарлик қилиши, нашриётнинг мавзу режалари ишлаб чиқилиши ҳамда нашрларнинг қонунчилик талабларига, ноширлик фаолияти соҳасидаги техник регламентлар (миллий стандартлар) талабларига мувофиқ тайёрланиши учун масъул эканлиги белгиланмоқда.

Эндиликда бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланади. Бош муҳаррир ташкилотнинг муассиси (муассислари) ёки раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Бундан ташқари, нашриёт нашрларини чиқариш тўғрисидаги қарор бош муҳаррир томонидан қабул қилиниши, у нашриётнинг ижодий фаолияти учун жавобгар эканлиги каби нормалар мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, Қонун билан китобхонликни рағбатлантириш китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш тамойили сифатида белгиланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун китобларни миллий стандартлар асосида чоп этишга, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид мазмундаги ахборотларнинг тарқатилишининг олдини олишга ҳамда жамиятда китобхонлик маданиятини, нашриётларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг