Ногиронликни белгилашнинг рақамлаштирилган тизими жорий қилинмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 587-сонли Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан тизимда қатор ўзгаришлар киритилмоқда.
Аввал беморлар фақат туман марказий поликлиникаларининг врачлик-маслаҳат комиссияларига оғзаки мурожаат қилган бўлса, эндиликда ногиронликни белгилаш масаласида “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ва оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Тажриба-синов даврида (2025 йил 1 апрелдан бугунги кунга қадар) Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан 12,5 минг ариза тушган. Шундан:
“Инсон” маркази орқали – 6,5 минг (52,4%),
оилавий шифокор орқали – 5,9 минг (47,5%),
электрон портал орқали – 17 та (0,1%).
Ногиронликни белгилашдан аввал барча учун бир хил даволаниш лозим муддатлар (4 ойдан 6 ойгача) бўйича талаб бекор қилиниб, касалликдан келиб чиқиб, индивидуал даволаниш муддатлари ва минимал тиббий текширув мезонлари белгиланди.
Қолаверса, сиртдан (кўрикка чақиртирмасдан) ногиронлик белгиланадиган касалликлар ва унинг асоратлари рўйхати 48 тадан 60 тага кенгайтирилди.