Нодирбек Абдусатторов “Prague Masters” чемпиони бўлди
Нодирбек Абдусатторов “Prague Masters” чемпиони бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 март куни Чехия пойтахти Прага шаҳри мезбонлик қилаётган шахмат бўйича Прага халқаро шахмат фестивали турнири якунланди. Унда ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
9 тур якунига кўра, Абдусатторов 6 очко жамғарди. Жумладан, у амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу устидан ҳам ғалаба қозонди.
Турнир давомида узоқ вақт етакчилик қилган нидерландиялик шахматчи Йорден ван Форест эса сўнгги икки турда мағлубиятга учраб, биринчи ўрин учун имкониятини бой берди. Шу тариқа, Абдусатторив ушбу турнир ғолиблигини қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, бу Нодирбекнинг Прагадаги иккинчи чемпионлиги бўлиб, у бундан аввал ҳам 2024 йилда ушбу нуфузли турнирда зафар қучган эди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ғалаба Нодирбек Абдусатторовнинг 2026 йилдаги иккинчи йирик турнирдаги ғалабаси бўлди. Бундан аввалроқ у Tata Steel Chess турнирида ҳам чемпион бўлганди.