Навоий вилояти барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади
Навоий вилояти барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Навоий вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми йиллик ўртача 7,9 фоизга, саноат 7,8 фоизга, бозор хизматлари 15,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,7 фоизга ўсишини таъминлаш;
вилоятни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли даромадлари барқарор ўсишини таъминлаш, 4,5 минг нафар аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш;
Кармана кўчасини реновация асосида миллий услубдаги маданий, туризм ва хизмат кўрсатиш марказига айлантириш мақсадида:
Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром тарихий зиёратгоҳлари реставрация қилинган ҳолда ўзаро боғланадаи;
“Янги авлод” истироҳат боғи ва “Кармана деҳқон бозори” билан уйғунлаштирган ҳолда “Қадимий Кармана” туристик маркази (туристик марказ) ташкил қилинади.
Қарорга кўра, 2026 йилда Навоий вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш, лойиҳавий ёндашув асосида ихтисослашувни чуқурлаштириш мақсадида:
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган 8 та қишлоқ туманидан танлаб олинган 16 та маҳаллада шаҳар муҳити ва қулай яшаш шароитлари яратилади;
оғир тоифадаги Конимех ва Навбаҳор туманлари ҳамда камбағаллик даражаси юқори бўлган 12 та оғир тоифадаги маҳаллада аҳоли яшаши ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратишга қаратилган комплекс инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилади;
вилоятдаги 40 та маҳаллани ихтисослаштириш учун ушбу маҳаллаларга 60 та тик қудуқ қазиш, трансформатор ўрнатиш, электр тармоғи тортиш ва суғориш тармоқларини бетонлаш тадбирлари амалга оширилади.
2026–2027 йилларда Навоий вилоятида туячилик ва йилқичилик тармоғини ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардан сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ва отлар олиб келинади.
Грант маблағларини жалб этган ҳолда аҳоли ва чорвачилик хўжаликларидаги мавжуд майда шохли моллар 2026–2027 йиллар давомида тўлиқ идентификация қилинади.