«Навоий» чегара божхона постида 812 дона сифатсиз дори воситаларини турли яширин усулларда олиб кирмоқчи бўлган фуқаролар тўхтатиб қолинди
«Навоий» чегара божхона постида 812 дона сифатсиз дори воситаларини турли яширин усулларда олиб кирмоқчи бўлган фуқаролар тўхтатиб қолинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Навоий» чегара божхона пости орқали юртимизга пиёда кириб келган айрим фуқаролар томонидан тегишли ҳужжатлари ҳамда сифат кафолатига эга бўлмаган турли дори воситаларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари учраб турибди.
Хусусан, пост орқали ҳаракатланган фуқаролардан бирининг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида юклар орасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, қайта сотиш мақсадида олиб кирилаётган 300 дона дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда, шубҳали ҳаракатлари сабабли шахсий кўрикдан ўтказилган фуқаронинг оёқ кийими ва чўнтакларида 277 дона дорилар яширилгани фош бўлди.
Навбатдаги ҳолатда эса бошқа бир фуқаро махсус қурилма орқали текширувдан ўтказилганда фуқаронинг қорин ва бел қисмида 235 дона дорилар скотчланган ҳолда яширилганлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.