 
                            
                                Наманганда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш ҳолати аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ноқонуний дори воситалари айланмасига қарши курашиш йўналишида Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда дори воситаларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган цех кўздан кечирилди.
Натижада, унда мавжуд бўлган 1,2 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги 9 турдаги 138031 қути дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, 1,8 млрд сўмлик прекурсорлар, 3,4 млрд сўмлик флакон, қопқоқ, қути ва этикеткалар, 18 млрд сўмлик 14 номдаги ишлаб чиқариш ускуналари, 5,6 млрд сўмлик 23 дона катта ва кичик ҳажмдаги махсус идишлар – яъни, умумий қиймати ўртача 30 млрд сўмни ташкил этувчи товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, МЧЖ фақатгина биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун сертификат олган бўлишига қарамасдан, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойда, номларини ўзгартирган ҳолда 9 турдаги контрафакт дори воситаларини ҳам тайёрлаб келган.
Жумладан, “Пиковит” дориси – Пивовит, “Канефрон” – Канасерон, “Эспумизан” – Эспуметик, “Нистатин” – Неститам кўринишида ишлаб чиқарилган. Текширув давомида аниқланишича, қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга етказиб берилган. Ҳозирда қалбаки дори воситалари бўйича экспертиза тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.