Валюта курслари 30/10/2025
$1 – 11990.53
UZS – -0.12%
€1 – 13959.38
UZS – -0.24%
₽1 – 150.71
UZS – 0.33%
Қидириш
Наманганда IV Халқаро Асал Фестивали очилди

Наманганда IV Халқаро Асал Фестивали очилди

Наманганда IV Халқаро Асал Фестивали очилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» мавзули боғида турли мамлакатлардан келган асалчилар, мутахассислар ва меҳмонларни бирлаштирган IV Халқаро Асал фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда хорижий делегациялар вакиллари, соҳанинг раҳбарлари ҳамда ҳудуд жамоатчилиги иштирок этди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу каби фестивалларнинг аҳамияти, туризм ривожидаги ҳиссаси ҳақида тўхталиб, фестиваль, айниқса, соҳа вакилларига асал етиштириш баробарида асаларичилик ҳунармандчилиги буюмларини тайёрлаш каби илм ва ҳунар уйғунлашган ўзига хос мактаб, ҳамкорлик майдони сифатида муҳимрол ўйнашини таъкидлади.

Жорий йилги фестивалда 150 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий асалчилар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. 100 дан зиёд павильонда турли хил асал ва асалчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари орасида Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Хитой ва Россия вакиллари ҳам бор.

Фестиваль дастури доирасида илмий-амалий конференциялар, спорт мусобақалари, иш ярмаркалари, ҳунармандлар кўргазмаси, мастер-класслар ва концерт дастурлари ташкил этилган.

Ташкилотчиларнинг маълумотича, фестивалга тахминан 2,5 мингга яқин хорижий ва 10 минггача маҳаллий турист ташриф буюриши кутилмоқда.

Асал фестивали 26 октябргача давом этади ва мутахассисларнинг таъкидлашича, у минтақа учун соҳавий миқёсдаги йирик тадбирлардан бирига айланиб, ўзбек асалининг халқаро бозорларда илгари сурилишига хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг