Наманганда ер ости чиқиндиларини сақлаш омбори қурилмоқда
Наманганда ер ости чиқиндиларини сақлаш омбори қурилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти Наманган шаҳрида ерости чиқинди сақлаш мажмуаси барпо этилмоқда.
Мазкур мажмуа “Оби ҳаёт” маҳалласининг 24/7 тартибида ишлаш учун қайта қурилаётган кўчасига жойлаштирилмоқда.
Бу ерда ҳар бири 500 килограм сиғимга эга 6 та чиқинди контейнерларини ер остига ўрнатиш мақсад қилинган. Ҳозиргача қурилмаларнинг учтаси тайёр бўлди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов инновацион объект билан танишиш жараёнида креатив ёндашувни маъқуллаб, бундай масканлар сонини кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
Ерости чиқинди сақлаш мажмуаси 3 тоннагача чиқиндини жамлаш имкониятига эга. Йирик ҳажмдаги қутилар тўлиши билан махсус қурилма автоматик тарзда сигнал юборади ва чиқиндилар махсус машинада белгиланган полигонга олиб кетилади. Бундай мажмуаларни Янги Наманган ва Давлатобод туманларига ҳам ўрнатиш режалаштирилган.