Наманганда АЁҚШда содир бўлган портлаш натижасида бир киши ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 25 октябрь куни Наманган вилоятида газ қуйиш станциясида портлаш содир бўлди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳодиса Чуст туманидаги «Бирлик» маҳалласида рўй берган. Портлаш ҳақидаги хабар 18:47 да 112 тезкор чақирув хизматига келиб тушган.
Ҳодиса жойига зудлик билан учта ёнғин-қутқарув бўлими етиб борган. ФВВ маълумотига кўра, ёнғин келиб чиқмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 10 тонналик ёқилғи сақлаш систернасининг бошқа жойга кўчириш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаганлиги натижасида чақнаш юз берган.
Натижада пайвандлаш ишларини амалга ошираётган ходим ҳалок бўлган.
Ҳозирда мутахассислар воқеа сабабларини аниқлаш ва етказилган моддий зарар миқдорини баҳолаш устида иш олиб бормоқда.