Наманган вилоятида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди
Наманган вилоятида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси бошландиНаманган вилоятида чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Aтроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт” йили муносабати билан Чуст туманида йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
"Зарафшон" МФЙ ҳудудидан экосаноат зонасини ташкил этиш учун танлаб олинган 15 гектар ер майдонининг 10 гектарида “Everbright Environmental Energy Namangan” МЧЖ ХК томонидан хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қиймати 150 млн. долларлик "Чиқиндини ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқариш" лойиҳаси амалга оширилади.
Бугун ушбу завод қурилишига тамал тоши қўйилди. Унда хорижлик ҳамкорлар, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашиб, ушбу йирик лойиҳа келгусида вилоятимиз иқтисодиёти, экологиясига катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Мазкур лойиҳа ишга тушиши ҳисобига 547,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади, 310 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, шундан 254 млн кВт·соати тармоққа узатилади. Бу, тахминан 300 минг аҳолининг йиллик электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Энг асосийси, янги лойиҳа натижасида 180 нафар юртдошларимизнинг доимий бандлиги таъминланади.
Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда 1 кунда ўртача 1450 тонна, йиллик 529,3 минг тонна чиқиндилар тўпланиб, тўлиқ қайта ишлаш имконияти яратилмоқда. Биринчи босқичда 6 та туманлардан йиғилган чиқиндилар Тўрақўрғон туманидаги қайта юклаш станциясига келтирилиб, сараланади ва ушбу заводга олиб келинади.