Наманган вилояти тадбиркорлари туризмни ривожлантириш бўйича ташаббусларини тақдим этдилар
Наманган вилояти тадбиркорлари туризмни ривожлантириш бўйича ташаббусларини тақдим этдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳудудларда туризм соҳаси вакиллари билан бевосита мулоқот ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни аниқлаш ҳамда улар асосида ҳудудий амалий дастурларни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А. Аққулов бошчилигида Республика ишчи гуруҳи Наманган вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда Наманган вилояти ҳокимлиги раҳбарияти, вилоят Туризм бошқармаси масъул ходимлари, шунингдек, туризм йўналишида фаолият олиб бораётган 100 нафардан ортиқ тадбиркорлар, туркомпания ва меҳмонхона раҳбарлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасининг вакиллари иштирок этди.
Очиқ суҳбат тарзида ташкил этилган мазкур учрашувда вилоятнинг бой туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, янги туризм йўналишларини шакллантириш ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан соҳага оид мавжуд муаммолар, амалий таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилди. Мутасаддилар томонидан ушбу таклифларни атрофлича ўрганиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини янада рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Шунингдек, вилоятда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда туркомпаниялар, меҳмонхона хўжаликлари, сервис ва хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ўрни муҳим экани қайд этилди.
Учрашув якунида кўтарилган барча масалаларни тегишли тартибда кўриб чиқиш, билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Наманган вилоятида туризмни янада ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан келишиб олинди.