Наманган ва Amity Global Institute ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида халқаро таълим соҳасида яна бир муҳим қадам қўйилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Сингапур Республикасининг нуфузли хусусий олий таълим муассасаси — “Amity Global Institute” ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Сингапурнинг “Amity Global Institute” директори, профессор Леон Кит Чунг бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда кадрлар тайёрлаш, инновацион таълим дастурларини жорий этиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Хорижий делегация вакиллари Наманганда олий таълимга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолаб, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларида халқаро стандартлар асосида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка тайёр эканликларини таъкидладилар.
Учрашув якунида икки томон ўртасида Меморандум имзоланди. Унинг асосий мақсади — томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Наманганда халқаро стандартлар асосидаги таълим дастурларини амалга оширишдан иборат.
Ҳужжатга кўра, 2026–2030 йиллар давомида Наманган давлат техника университети базасида “Amity Global Institute” ҳамда Буюк Британиянинг “University of East Anglia” университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари (Double Degree Program) йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида ахборот технологиялари, бизнес бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича икки дипломли таълим дастурлари амалга оширилади. Бу орқали Наманганлик талабалар халқаро даражада тан олинадиган дипломларга эга бўлиш имконига эга бўладилар.