Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида гибрид форматда, республика ҳудудлари видеоконференсалоқа орқали боғланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда Кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликларнинг масъул мутасаддилари, шунингдек, таҳлилий марказлар ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 30 октябрдаги “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари мазкур Фармон доирасида амалга оширилаётган ишлар ва биринчи навбатда стратегик режалаштириш тизимини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ахборот тақдим этдилар.
Аввало, стратегик режалаштириш ҳужжатларини сифатли тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бунинг учун ягона ва комплекс тизимни йўлга қўйиш, тизимни илмий-услубий жиҳатдан ва кадрлар билан таъминлаш, соҳада бошқарувни такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан вазирлик ва идораларнинг стратегик режалаштириш бўйича таркибий бўлинмалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари фаолиятига кўмаклашиш, уларнинг малакасини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунига кўра, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда республика ҳудудлари билан ҳамкорликда стратегик режалаштириш
ва ривожланиш тизимини самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.