Мурожаатлар билан ишлаш жараёни тезкор ва шаффоф бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда соҳада ихчам бошқарув тизимини шакллантиришга доир кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда қонунчилик тизимини янада такомиллаштириш ва ҳуқуқий механизмларни замон талабларига мослаштиришга қаратилган.
Лойиҳада амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш ҳамда товар белгилари ва патент божлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, лойиҳада товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши, ҳуқуқ эгаси бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг эгалик қилиш ҳуқуқи манфаатдор шахснинг аризасига биноан суд қарори асосида тугатилиши мумкинлиги таклиф этиляпти. Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланилганда эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган огоҳлантирувчи тамға қўйилиши мумкинлигини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ишонч телефони тушунчасига изоҳ берилиб, уни – жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш учун телефон алоқасининг махсус линияси сифатида назарда тутиш белгиланяпти.
Қонун лойиҳаси давлат органлари фаолиятида ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш жараёнини тезкор ва шаффоф бўлиши, интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий муҳофаза даражасининг ошиши ҳамда бизнес юритиш учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш каби мақсадларни назарда тутган.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.