Муддатли ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга имтиёз ва кафолатлар берилади

Муддатли ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга имтиёз ва кафолатлар берилади

Муддатли ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга имтиёз ва кафолатлар берилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилган фуқаролар учун қуйидаги имтиёз ва кафолатлар берилади:

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб: муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг масофавий таълим шаклига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш, кириш имтиҳонларида иштирок этиш ва натижасига кўра ўқишга киришга рухсат берилади. Бунда олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли таълим кредити ажратилади;

муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган аскарлар олий таълим ташкилотларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларида ўқиган талабаларга тенглаштирилади ва ўқишни тамомлагандан сўнг уларга белгиланган тартибда “захирадаги лейтенант” ҳарбий унвони берилади;

муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган, республика ва халқаро спорт мусобақаларида ёки фан олимпиадаларида 1-ўринни қўлга киритган аскарлар орасидан 100 нафари танлов асосида сараланиб, олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига дастлабки саралаш ва махсус касбий танлов натижаларига кўра тест синовларисиз ёки якка тартибдаги якуний суҳбатсиз белгиланган йиллик квота доирасида тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади;

муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида Олимпия ва Осиё ўйинлари дастурларига киритилган спорт турлари бўйича республика ҳамда халқаро мусобақаларда 1-ўринни қўлга киритган аскарлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига (мос йўналишларга) кириш синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

2027 йил 1 апрелдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга давлат органлари ва ташкилотларига ишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.

2026 йил 1 майдан бошлаб аскарларни касбга ўқитишга жалб этилган педагогларга машғулотларни ўтказганлик учун соатбай асосида иш ҳақи тўланади.

2026 йил 1 майдан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларни, шунингдек, аскарларни ҳарбий қисмларда касбга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.

2026 йил 1 июлдан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати харажатларини “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўқишнинг биринчи йили учун Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредити ажратилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг