Москвада ШҲТ трансформацияси ва Евроосиёда хавфсизликнинг янги архитектураси муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 29-30 октябрь кунлари Москвада Россия Фанлар академиясининг Хитой ва замонавий Осиё институти томонидан ташкил этилган "Евроосиёда кўп томонлама ҳамкорлик: янги шакллар ва йўналишлар" мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Россия, Беларус, Марказий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларининг давлат органлари, етакчи илмий марказлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форум Евроосиёнинг хавфсизлиги ва ривожланишига оид муҳим масалаларни очиқ ва самарали муҳокама қилиш майдонига айланди. Музокаралар марказида тенг ҳуқуқлилик, яхши қўшничилик, консенсус ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган Катта Евроосиё ҳамкорлигини шакллантириш истиқболлари бўлди.
ШҲТ: янги воқеликка мослашиш
Евросиёда ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларини муҳокама қилиш жараёнида конференция иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Йигирма йил мобайнида ШҲТ Осиё, Европа ва Африка давлатларини бирлаштирган энг йирик минтақавий ташкилотга айланди. Бу мамлакатлар ҳиссасига сайёрамиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисми ва халқаро савдонинг 15 фоиздан кўпроғи тўғри келади. ШҲТга аъзо ўнта давлатнинг 2024 йилдаги умумий ялпи ички маҳсулоти 25 триллион долларни ташкил этди.
Халқаро вазият кескинлашган шароитда Ташкилот ички ва ташқи муаммоларга дуч келмоқда, жумладан геосиёсий қарама-қаршилик, ишончсизлик ва санкция урушларининг кучайиши каби муаммолар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаевнинг таъкидлашича, ШҲТ Евроосиёда барқарорлаштирувчи омилга айланиш салоҳиятига эга, бироқ бунга эришиш учун ташкилот ўзгариб бораётган халқаро вазиятга мослашиши ва ўзини қайта шакллантириши лозим.
Эксперт кейинги ривожланишнинг устувор йўналишлари сифатида хавфсизлик ва барқарор тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги аъзоларни ташкилотга қўшилишга пухта тайёрлаш, Котибиятни модернизация қилиш ҳамда Хартиянинг ўзаро ишонч, тенглик ва биргаликда ривожланиш каби асосий тамойилларига содиқликни сақлаб қолишни таъкидлади.
Сўздан амалиёт сари: хавфсизликни институционал мустаҳкамлаш
Конференция иштирокчилари Тянсзинда бўлиб ўтган сўнгги саммитда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Душанбе шаҳрида Наркотикларга қарши кураш маркази ва Тошкент шаҳрида Хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши курашиш универсал марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорларни қўллаб-қувватлаб, ушбу тузилмаларга реал ваколат ва ресурслар бериш муҳимлигини қайд этдилар.
2024 йилда террористик ташкилотлар қурбонлари сони 11 фоизга ошиб, 4,2 минг кишига етганини ҳисобга олган ҳолда, тадбир иштирокчилари терроризм ва экстремизмга қарши курашда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар.
Афғонистон имкониятлар майдони сифатида
Мунозаранинг алоҳида бир блоки Афғонистонга бағишланди. Экспертлар конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига фаол кўмаклашиш муҳимлигини қайд этдилар.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ - Афғонистон Мулоқот гуруҳи ишини қайта тиклаш ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани алоҳида таъкидланди. Иштирокчиларнинг фикрича, ушбу таклиф Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Кибертаҳдидлар хавфсизликнинг янги жабҳаси сифатида
Рақамли хавфсизлик конференциянинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Таъкидланишича, 2024 йилда кибержиноятлар туфайли жаҳон миқёсидаги зарар 9,5 триллион долларга етди ва 2025 йил охиригача 10,5 триллион долларгача кўтарилиши мумкин. Мутахассислар бундай кенг қамровли таҳдидларга қарши курашиш учун халқаро даражада тизимли ва мувофиқлаштирилган чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Шу маънода, ШҲТнинг муҳим инфратузилмаларини ҳимоя қилиш, содир бўлган киберҳужумлар тўғрисида маълумот алмашиш ва киберхавфсизлик соҳасида мутахассислар тайёрлашга қаратилган ягона рақамли хавфсизлик платформасини яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Умуман олганда, конференция якунлари Евроосиё мамлакатларининг кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши ортиб бораётганини кўрсатди. Иштирокчилар жаҳон сиёсатидаги нотинчлик кучайиб бораётган шароитда минтақа учун ўзаро ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш, замонавий таҳдидларга самарали жавоб бера оладиган ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга қодир бўлган коллектив хавфсизликнинг яхлит тизимини шакллантириш муҳимлигини эътироф этдилар.