Москова вилоятида Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари II кенгаши бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 21–22 октябрь кунлари Москва вилоятида Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари II кенгаши бўлиб ўтади. Ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун асосий майдон ҳисобланади.
Тадбирни Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Москва вилояти ҳукумати ташкил этмоқда. Россия делегациясига Россия ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров раҳбарлик қилади, Ўзбекистон делегациясига эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бошчилик қилади.
Кенгаш дастурида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар назарда тутилган. Форум доирасида Кенгашнинг пленар мажлиси, Россия–Ўзбекистон ва Ўзбекистон–Россия бизнес кенгашларининг йиғилишлари, шунингдек, ҳамкорликнинг асосий йўналишларига бағишланган мавзули панел сессиялари ўтказилиши режалаштирилган. Улар орасида электрон савдо истиқболлари, саноатга инвестициялар, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда агросаноат комплексидаги ўзаро муносабатлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари II кенгаши якунида янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, икки мамлакат ҳудудлари ва бизнес тузилмалари ўртасида аниқ келишувларни имзолаш, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.