Валюта курслари 30/12/2025
$1 – 12025.33
UZS – -0.27%
€1 – 14162.23
UZS – -0.21%
₽1 – 155.25
UZS – 0.06%
Қидириш
Мирзиёева сув, таълим ва суд тизимини ислоҳотларнинг устувор йўналишлари деб атади

Мирзиёева сув, таълим ва суд тизимини ислоҳотларнинг устувор йўналишлари деб атади

Мирзиёева сув, таълим ва суд тизимини ислоҳотларнинг устувор йўналишлари деб атади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар йўлининг ҳали бошида турибди ва барқарор тўхталиш нуқтасига (плато) етиб келганича йўқ. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева "Alter Ego" лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди. Мамлакат ўзгаришларнинг чўққисига чиқдими, деган саволга жавоб берар экан, у бундай тушунчанинг ўзини рад этди.

"Ҳеч қачон плато бўлмайди, назаримда. Биз ҳали энди бошладик", — деди у ва илк натижалар аллақачон сезилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бизнес юритиш шароитлари осонлашган, бироқ бу муаммолар буткул бартараф этилганини англатмайди.

Саида Мирзиёева, айниқса, ҳудудларда қийинчиликлар кескин сезилаётганини қайд этди. "Мен вилоятларга бораман ва у ерда жуда кўп қийинчиликлар борлигини кўраман. Ҳа, муаммолар талайгина, лекин давлатнинг имкониятлари чекланган. Тушунинг, биз имкониятлари чекланган мамлакатмиз", — деди у. Президент администрацияси раҳбари асосий чекловлар сифатида географик жойлашув, молиявий ресурслар ва инфратузилма ҳолатини санаб ўтди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон инфратузилмасининг катта қисми шўро давридан қолган меросдир. "Инфратузилма собиқ иттифоқ даври — 70, 60 ва 50 йилларга тегишли. Буларнинг барчасини ислоҳ қилиш учун катта маблағ зарур. Бироқ биз босқичма-босқич ҳаракат қиляпмиз", — дея қўшимча қилди у ва бундай муаммолар бутун постсовет ҳудуди учун хослигини таъкидлади.

Стратегик устуворликлар ҳақида гапирганда, Саида Мирзиёева Президент администрацияси томонидан бешта асосий йўналиш белгиланганини, уларнинг энг асосийси сув масаласи эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу масала яқин келажакда мамлакат учун жиддий синовга айланади, гарчи бу ҳақда очиқчасига тез-тез гапирилмасада. Сув ресурсларидан ташқари, у таълим, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш ва суд тизимини устувор вазифалар қаторига киритди. Шунингдек, шаффоф ва адолатли одил судловсиз барқарор ислоҳотларга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Ислоҳотларга нисбатан қаршиликлар ва жойлардан келаётган маълумотларнинг сифати ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Саида Мирзиёева содир бўлаётган воқеаларнинг реал манзарасини кўриш у учун принципиал аҳамиятга эга эканини айтди. "Мен бу ерда шунчаки кўриниш ёки чиройли сўз учун эмас, балки реал манзарани кўриш учун ўтирибман", — деди у ва ўз ишида маълумотларни қайта текшириш тизимидан фойдаланишини ҳамда ҳар доим масаланинг туб моҳиятига етиб боришга интилишини қайд этди.

Президент администрацияси раҳбари шахсан аралашувни талаб қиладиган вазиятларни иш жараёнининг бир қисми деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир аниқ ҳолат тизимни тартибга солиш ва уни янада самаралироқ қилиш учун бир имкониятдир. Шу билан бирга, у турли соҳалардаги муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги ва комплекс ёндашувни талаб қилишини таъкидлади.

Шахсий қизиқишлари ҳақида тўхталар экан, Саида Мирзиёева унинг фаолиятида халқаро дипломатия алоҳида ўрин тутишини тан олди. "Болалигимдан бутун умр дипломат бўлишни орзу қилганман. Одамлар билан мулоқот қилиш, алоқаларни йўлга қўйиш — бу мен энг яхши бажара оладиган иш", — деди у. Унинг фикрича, доимий равишда "комфорт зонаси"дан чиқмасдан туриб, профессионал ўсишга эришиб бўлмайди.

У ўзининг ҳаётий ва бошқарув принципини проактив ёндашув — муаммоларда тўсиқларни эмас, балки имкониятларни кўра билиш маҳорати деб таърифлади. "Проактивлик — бу муаммони кўрганингда, унда муаммони эмас, балки имкониятни кўришдир", — дея хулоса қилди Президент администрацияси раҳбари.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг