Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
Мирзиёев туризмни стратегик ривожлантириш бўйича қарорни имзолади

Мирзиёев туризмни стратегик ривожлантириш бўйича қарорни имзолади
 

Мирзиёев туризмни стратегик ривожлантириш бўйича қарорни имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат мамлакат туристик соҳасини 2030 йилгача тизимли ривожлантириш бўйича стратегик устувор йўналишлар ва аниқ қадамларни белгилайди.

Қарор билан Туризм қўмитаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бюджет ресурсларини бошқариш ва халқаро фаолиятни мувофиқлаштириш каби ваколатларга эга бўлган республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида ташкил этилиши белгилаб қўйилган.
Ҳужжатнинг асосий мақсадлари қаторида туризмнинг ЯИМдаги улушини 3,5 фоиздан 7 фоизга ошириш, йилига хорижий туристлар сонини 10 миллиондан 20 миллионга етказиш, жумладан, юқори тўлов қобилиятига эга туристлар улушини кўпайтириш, шунингдек, туристик хизматлар экспорти ҳажмини 6 миллиард доллардан ортиқ даражага етказиш белгиланган.
Алоҳида эътибор транспорт логистикасини такомиллаштириш, ички авияйўналишлар сонини кўпайтириш ва йўлдаги вақтни камида уч баробар қисқартириш, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини икки баробар ошириш, туристик маҳсулотларни диверсификация қилиш ва Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида танилувчи брендини шакллантиришга қаратилган.
Ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида тарихий-маданий туризм ва инфраструктура алоҳида ўрин тутади.
Кенг қамровли лойиҳалар қаторига Самарқанднинг асосий тарихий объектларини боғловчи 6,6 километрлик «Самарқанд мероси йўли» туризм маршрутини яратиш, Хивадаги «Ичан-Қалъа» мажмуасини шаҳар муҳити ва тарихий иншоотлар уйғунлигини таъминлаган ҳолда ўзига хос иммерсив «ақлли» музей-шаҳарга айлантириш, Тошкентда модернизм ёдгорликларини халқаро даражада тарғиб қилиш ва пойтахтни «мозаикалар шаҳри» сифатида танитиш киради.
Қарор туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг чора-тадбирларни назарда тутади: хорижий туристлар ва камida 100 нафар чет эл иштирокчисини жалб этувчи тадбирларга туристларни жалб қилган туроператорларга ҚҚСни қайтариш, туристик стартап ва инновацион лойиҳаларни 50 фоизгача субсидиялаш, янги хизмат турларини жорий этишни рағбатлантириш, халқаро «яшил» сертификатга эга меҳмонхоналар учун молиявий имтиёзлар, шунингдек, Brand Finance рейтингининг топ-50ига кирган халқаро брендлар остидаги меҳмонхоналар қуришда ускуна, техника ва мебелни божхона божидан озод қилиш.
2026 йил 1 июлдан ягона миллий туризм платформаси ва мобил иловасини ишга тушириш режалаштирилган. Ундан туристлар электрон SIM-картани ишлатиш, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш, онлайн чипта брон қилиш ва барча туристик объектлар учун «ягона чипта» тизимидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Платформа интерактив хариталар, аудио ва видео ёрдамчига эга рақамли гидни, шунингдек, йўналишларни персоналлаштириш ва туристик оқимларни башорат қилиш учун катта маълумотлар ва сунъий интеллект асосидаги аналитик воситаларни таклиф этади. Тизим «Хавфсиз шаҳар» платформаси билан интеграция қилинади.

Жаҳон туристик ташкилоти ҳомийлигидаги Халқаро туризм академиясининг Самарқанд камусида туристик соҳа ходимлари учун бир ойгача қисқа курслар ва саккиз ойгача қайта тайёрлаш дастурлари ташкил этилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Туризм қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда мамлакат савдо-кўнгилочар мажмуаларига жаҳоннинг машҳур кийим-кечак брендларини жалб этиш ва шаҳар четларида миллий меъморий услуб асосида замонавий аутлет-марказлар барпо этиш топширилган. Амалийлаштириш икки босқичда белгиланган: 2030 йилгача — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада; 2030 йилдан кейин — туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа нуқталарда.

Қарор ижросини назорат қилиш учун Президент Администрацияси қошидаги Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти ҳузурида Ислоҳотлар штаби ташкил этилди. Туризм қўмитаси раиси ҳужжат ижросининг самарадорлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади. Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси харажатларини оптималлаштириш ва молиялаштирилаётган лойиҳалар самарадорлигини мунтазам баҳолаш чоралари ҳам назарда тутилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг