Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» ва Давлат активларини бошқариш агентлигидаги миллиардлаб сўмлик талон-торожликларни тергов қилишни топширди
Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» ва Давлат активларини бошқариш агентлигидаги миллиардлаб сўмлик талон-торожликларни тергов қилишни топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигида кенг кўламли текширув ўтказилгани, унинг давомида миллиардлаб сўм миқдоридаги талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукцион орқали атиги 120 млрд сўмга сотган. Аниқланган қоидабузарликлар муносабати билан агентлик директори Акмалхон Ортиков лавозимидан озод этилган.
«Ҳақли савол туғилади. Ушбу идораларда йиллар давомида коррупсия авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?» — дея таъкидлади президент.
У Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баходир Қурбоновга «Ўзбекнефтгаз» ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини назорат қилган ходимларнинг жавобгарлигини кўриб чиқишни топширди.
ДХХ раисига “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги учун масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш топширилди. Комплаенс хизмати, Давлат хавфсизлик хизматига Давлат активлари агентлигининг мансабдорларига қўзғатилган жиноят иши тергов гуруҳига Хавфсизлик хизматининг иқтисодий масалаларга масъул тузилмаларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш топширилди. “Сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан текшириб, барча коррупсиявий схемаларни фош қилсин ва жазо муқаррарлигини таъминласин”, – деди давлатимиз раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрь ойида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб аввал «Ўзбекгидроэнерго»га раҳбарлик қилган Абдуғани Сангинов тайинланган эди.
У ушбу лавозимда кейинчалик давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа коррупция жиноятларида гумон қилиниб ҳибсга олинган Баходир Сидиқовнинг ўрнини эгаллаган.
Янги раҳбарият фаолияти давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖда йил давомида йўл қўйилган жиддий қоидабузарликлар учун Термиз, Жиззах, Мароқанд, Kучлик ва Тўрақўрғон нефть базалари раҳбарлари ишдан бўшатилди. Шунингдек, компаниянинг геология масалалари бўйича янги ўринбосари тайинланди.